ACCA хақида

АССА, Сертификатланган Дипломли Бухгалтерлар Ассоциацияси, Буюк Британия

АССА – бу молия ва бухгалтерия  соҳасидаги энг юқори малакали мутахассислар ассоциацияси. Ассоциациянинг мақсади – бухгалтерия ҳисоби,  аудиторлик, молия ва менежмент соҳасида муваффақиятли мавқега интилаётган дунёдаги ишбилармон, қобилиятли ва ғурурли инсонларга энг маъқул малакаларни таклиф этиш. Ассоциация бугунги кунда 181 мамлакатдан 227 000 нафар аъзони ва 544 000 нафар талабани бирлаштириб, уларга зарур бизнес кўникмаларни ўргатган ҳолда муваффақиятли мавқега эга бўлишга кўмак бермоқда.

АССА дунёнинг 101 мамлакатида офисларига эга бўлиб, 7291 та аккредитациядан ўтган иш берувчилар билан ҳамкорлик қилади. Шунингдек, АССА фаолияти Халқаро молиявий ҳисобот стандартлари фонди кенгаши IFRS (The International Financial Reporting Standards)  томонидан тўғридан-тўғри мувофиқлаштириб борилади. IFRS Халқаро молиявий ҳисобот стандартларини ишлаб чиқиш бўйича етакчи орган бўлиб ҳисобланади.  

 

АССА ўқув дастури, батафсил маълумот→

Нима учун АССА? Ўзбекистонда АССА касбий малакасига эҳтиёж борми?

Шубҳасиз!

ACCA  малака квалификацияси МҲХС (Молиявий Ҳисоботлар Халқаро Стандартлари) бўйича молия, бухгалтерия ҳисоботи ва аудиторлик соҳасида  касбий билим, кўникма ва малакалар, шунингдек, касбий қадриятларни таъминлашга қаратилган. ACCA квалификациясининг мавжудлиги молиячи мутахассисларга исталган соҳада муваффақиятли мавқега эришишда ёрдам беради: улар давлат ёки хусусий секторда, бухгалтерлик фирмасида, хорижий компанияда ишлаши ёки ўз шахсий бизнеси билан шуғулланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республика банк тизимини янада ривожлантириш ва барқарорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 12 сентябрдаги ПҚ-3270-сон ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 24 февралдаги ПҚ-4611-сон қарорларига мувофиқ банк ходимларини АССА (Сертификатланган Дипломли Бухгалтерлар Ассоциацияси) халқаро бухгалтерлар тайёрлаш дастури бўйича ўқитиш 2018 йилдан бошлаб банкларда ўтказилиши кўзда тутилган Коплекс чора-тадбирларга (биринчи буйруқнинг №1 иловаси, 45-банди) киритилган. Ушбу комплекс чора-тадбирлар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясига киритилган. Мазкур қарорнинг 30-бандида тижорат банклари томонидан банкларни молиявий барқарор ва рақобатбардош, илғор амалиёт ва халқаро стандартлар асосида фаолият юритувчи муассасаларга сифатли ўзгартиришга йўналтирилган  узоқ муддатли ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқишга катта аҳамият берилган.

Халқаро аудит (ХАС) ва молиявий ҳисоботлар стандартлари (ХМҲС) ни ўзлаштириш АССА дастури бўйича таълим олишнинг салмоқли ютуқларидан яна бири ҳисобланиб, битирувчиларни ушбу стандартлар бўйича профессионал даражада ишлашга тайёрлайди. Ушбу йўналишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида аудиторлик фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 19 сентябрдаги ПҚ-3946-сон Қарорида акс эттирилган вазифалар ижросини таъминлашга хизмат қилади.

АССА дастури бўйича ўқишни тугатгандан кейин иш топиш мумкинми?

Осон.

«2020 йил  - тадбирокрлик субъектлари учун ХМҲС (Халқаро молиявий ҳисоботлар стандартлари)ни қўллашга (мутахассисларни ХМҲС бўйича ўқитиш, ҳисобот сиёсатини ишлаб чиқиш, IT-тизимларнинг ХМҲС бўйича ҳисоботларни тайёрлаш учун мувофиқлигини таҳлил қилиш, шунингдек, бизнеснинг ХМҲС талабларига мувофиқ ўзгаришларга тайёрлигини баҳолаш) ўтиш даври бўлиб ҳисобланади.

2021 йил 1 январдан бошлаб жамоавий манфаатлар учун хизмат қилувчи юридик шахслар (акционерлар жамияти, тижорат банклари, суғурта ташкилотлари ва йирик солиқ тўловчиларга кирувчи юридик шахслар)нинг маълум бир рўйхати ХМҲСни мажбурий қўллашга ўтказилади.   Мазкур шахслар 2021 йил охирига қадар ХМҲСни сифатли қўллаш учун бухгалтерия хизматлари ходимлари сонини 3 тадан кам бўлмаган мутахассислар билан етарли даражада таъминлашлари керак.»

«Ўзбекистонда халқаро молиявий ҳисоботлар стандартларини (ХМҲС) жорий қилиш», бўйича ҳужжатдан олинди,

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги.

Ҳужжатни юклаб олиш