Тадқиқот

АЗИЗОВ ШОҲСУВОР ЮЛДАШEВИЧ

Интернатионал счоол оф финанcе течнологй анд сcиенcе институти аниқ фанлар кафедраси доценти в.б., и.ф.б.ф.доктори (ПҳД)

Азизов Шоҳсувор 2022-йилда иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Чариев Қурбон Амирович раҳбарлигида “Деҳқон хўжаликларида қўшилган қийматни яратиш ва оширишнинг ташкилий-иқтисодий асосларини такомиллаштириш” мавзусида 08.00.04  Қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти ихтисослигида иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори диссертациясини ҳимоя қилган.

Азизов Шоҳсувор диссертациясининг асосий мақсади иқтисодиётни эркинлаштириш шароитида деҳқон хўжаликларида қўшилган қийматни яратиш ва оширишнинг ташкилий-иқтисодий асосларини такомиллаштириш бўйича илмий таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

Азизов Шоҳсувор ўз изланишларида қуйидаги амалий натижаларга эришган:

деҳқон хўжаликларида етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари турлари бўйича қўшилган қиймат занжири бўғинларида яратиладиган қўшилган қийматни коэффициентлар орқали ҳисоблаш усули ва уни қўллаш йўллари асосланган;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини уй шароитида сақлаб ва қайта ишлаб сотиш тизимини ривожлантириш асосида деҳқон хўжаликларида қўшилган қийматни кўпайтириш ва маҳсулотлар нобудгарчилигини камайтириш ҳажмини ҳисоблаш бўйича услубий ёндашув ишлаб чиқилган;

деҳқон хўжаликлари фаолияти билан боғлиқ субъектлар ҳамкорлигида улушли пай механизмига асосланган, ҳамда ўз маблағлари ҳисобидан молиялаш ва моддий рағбатлантириш ҳуқуқига эга интеграл шаклдаги кооперативларни ташкил этиш тартиб-қоидалалари ва таркибий-бошқарув тузилмаси тавсия этилган;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва истеъмолчиларгача етказиш жараёнларида қўшилган қиймат яратиш занжири субъектлари билан деҳқон хўжаликлари ўртасида тузиладиган шартномалар тизимини жорий қилиш асосида улар фаолиятида қўшилган қиймат ва даромадларни ошириш йўллари асосланган.

Ишлаб чиқилган услубий-амалий йўналишлардаги хулоса, таклиф ва тавсиялардан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги ва бошқа тегишли вазирликлар, ҳокимликлар, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан истиқболда деҳқон хўжаликларини ривожлантириш, уларнинг қўшилган қиймат занжиридаги ўрнини мустаҳкамлаш бўйича Дастур ва махсус чора-тадбирларни ишлаб чиқишда, шунингдек, услубий-амалий ишланмалар ва бошқа муҳим таҳлилий натижалар, ахборот ресурсларидан олий ва ўрта махсус таълим муассасаларининг ўқув жараёнларида фойдаланиш мумкин.

Тадқиқот давомида Азизов Шоҳсувор 4 та халқаро ва 11 та республика илмий-амалий анжуманда иштирок этган. Диссертация мавзуси бўйича жами 8 та маҳаллий ва хорижий журналда мақола чоп этган. Ҳозирда докторлик диссертацияси устида иш олиб бормоқда.